ҚАНДАЙ ТАНИБ ОЛИШ МУМКИН
Псориатик артрит кўпинча секин ва сезиларли бўлмаган симптомлар билан ривожланади, лекин айрим ҳолларда тез ривожланиши ва оғир бўлиши ҳам мумкин. Касалликнинг белгилари чарчоқ, шишиш, оғриқ, бўғимлар ҳаракатчанлигининг эрталабки чекланиши, шунингдек, пайлардаги оғриқ ва ўзгариш, бармоқлар ва оёқ бармоқларининг шишишини ўз ичига олади. Қўзғалмас позаларда ва эрталаб бўйин ёки белда пайдо бўладиган ҳар қандай сиқиқликка эътибор бериш айниқса муҳимдир.
Касаллик ҳар бир одамда турлича намоён бўлиши мумкин: баъзи одамлар бўғимларида жиддий ўзгаришларни бошдан кечиришлари мумкин, бошқалари эса фақат енгил лоҳаслик аломатларини ва бўғинлардаги кичик, ўткинчи оғриқларни ҳис қилишади. Бундан ташқари, симптомлар йўқолган даврлар (ремиссия) кучайиш даврлари билан алмашиниши мумкин.
Псориатик артрит билан оғриган одамларда бир қатор касалликларни ривожланиш хавфи ортади: 2-тоифа диабет, гипертензия, юрак ишемик касаллиги, семизлик, гиперлипидемия, яллиғланишли ичак касаллиги, гепатоз, увеит, лимфома, депрессия.

Шундай қилиб, псориатик артрит ўз вақтида даволанмаса, бу бўғимларнинг, лигаментларнинг ва умуртқа поғонасининг қайтариб бўлмайдиган шикастланишига ёки деформациясига ва бирга келадиган касалликларнинг ривожланишига олиб келиши мумкин. Афсуски, псориатик артрит билан оғриган одамларнинг кўпчилиги ногиронликка олиб келиши мумкин бўлган жисмоний чекловларга эга.
КАСАЛЛИК НИМА УЧУН ЮЗАГА КЕЛАДИ
Псориаз каби, псориатик артрит иммунитет тизими нотўғри соғлом тўқималарга ҳужум қилганда пайдо бўлади.
Одатда, касаллик одамга псориаз касаллиги ташхиси қўйилгандан кейин 5–10 йил ўтгач ривожланади. Нима учун псориаз касаллиги билан оғриган баъзи одамларда псориатик артрит пайдо бўлиши, бошқалари эса пайдо бўлмаслиши ҳали ҳам номаълум.
ПСОРИАТИК АРТРИТНИ ДАВОЛАШ
Касалликнинг ривожланишини тўхтатишга ёрдам берадиган кўплаб даволаш усуллари мавжуд. Агар псориатик артритга эрта ташхис қўйилса ва даволанса, бўғимларнинг шикастланишининг олдини олиш ёки минималга келтириш мумкин. Псориатик артритни даволаш симптомларни енгиллаштириш ва инсоннинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилади.
Ўз вақтида бошлаш ва самарали терапия билан бошқа органлар ва тана тизимларининг ҳолатини ёмонлаштирмасдан бутун танадаги умумий яллиғланишни камайтириш мумкин.
Псориатик артритни даволаш учун ишлатиладиган асосий дорилар:

яллиғланишга қарши нонстероид препаратлар

кортикостероидлар;

тизимли таъсир қилувчи препаратлар;

биологик препаратлар.

Даволаш режасини тузишдан олдин шифокор бўғимларнинг қанчалик шикастланганлигини ва ўтказилаётган даволанишнинг самарали эканлигини ёки йўқлигини аниқлаши керак. Бундан ташқари, бир нечта мутахассис: дерматолог, ревматолог, кардиолог кабилар томонидан назорат қилиниши кераклигини унутмаслик керак.
ҚАЧОН ШИФОКОРГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ КЕРАК
Псориатик артритни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш жуда муҳим: даволанишни атиги олти ойга кечиктириш бўғимларга қайтарилмас зарар етказиши мумкин. Оддий ўзгартирилган PEST сўровномасидан фойдаланиб, псориатик артритнинг ривожланишини ўзингиз тахмин қилишингиз мумкин.
6 та оддий саволга жавоб бериб, одам мустақил равишда псориатик артритни тахмирн қилиши ва малакали ёрдам сўраши мумкин.
Сизда бирор марта бўғим (бўғимлар) шишиши бўлганми?
Сизга шифокор бирор марта сизда артрит борлигини айтганмиди?
Қўлларингиз ёки оёқларингиз бармоқларидаги тирноқларингизда бирон бир ўзгаришларни (масалан, чуқурлик ёки нотекислик) сезганмисиз?
Сиз бирор марта товонингиз соҳасида оғриқ сезганмисиз?
Сизда бирор марта ҳеч қандай сабабсиз бир текис шишган ва оғриқли бармоқларингиз ёки оёқ бармоқларингиз бўлганми?
Сизда ноқулайлик (чекланганлик, шишганлик ёки оғриқ) юзага келтирган бўғимларни белгиланг:
Ҳар бир саволга ижобий жавоб 1 балл билан баҳоланади. Умумий сумма PEST≥3 балл бўлганида псориатик артрит ривожланишини тахмин қилиш мумкин.6
Бундан ташқари дарҳол тиббий ёрдам олиш учун мурожаат қилиш мумкин, агар сизда:

бўғимлар, белда доимий оғриқлар бўлса;

хаттоки сизда аввал псориаз ташхиси қўйилмаган бўлса ҳам бўғинларингизда шиш ёки чекланганлик қайд қилинса;

сабаби номаълум бўлган толиқувчанлик безовта қилса (эрталабдан бошлаб);

ички органлардан (юрак, ошқозон-ичак тракти, кўзлар ва бошқалар) шикоятлар пайдо бўлган бўлса.

Агар сизга псориаз касаллиги ташхиси қўйилган бўлса, доимий равишда йилига камида бир марта дерматолог кўригидан ўтишни унутманг. Агар бўғимларингиз ёки соғлиғингиз билан боғлиқ муаммолар бўлса, шифокорингизга хабар беришни унутманг.